Экологик рейдлар: Тошкентда атмосферага зарар етказаётган хўжаликлар вақтинча ёпилди

Ўтказилган экологик текширувларда аниқланган қоидабузарларга чоралар кўрилди: айрим хўжаликлар вақтинча ёпилди, маъмурий жарималар қўлланилди ва огоҳлантириш хатлари юборилди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 ноя — Sputnik. Тошкент шаҳри ва вилоятида экологик назорат тадбирлари давомида ҳавога зарарли моддалар чиқариш бўйича қонун талабларини бузган 58 та иссиқхонага маъмурий жарима қўлланилди ва 106 та хўжаликнинг фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Назорат тадбирлари Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимликлари томонидан 300 нафардан ортиқ мутахассис иштирокида амалга оширилди.
Ишчи гуруҳлар иссиқхоналар, саноат корхоналари ва ижтимоий соҳа объектларининг атмосферага чиқарилаётган тутун, чанг ва заҳарли газларни камайтириш бўйича чораларини тўлиқ хатловдан ўтказди.
Тадбирларда 4 869 та объект ўрганилди. Улар орасида 595 та иссиқхона хўжалиги, 2 265 та ижтимоий соҳа объекти ва 1 998 та саноат ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар бор. Шунингдек, 387 ҳолат бўйича экологик талабларга риоя этиш, плёнка ва автошиналарни ёқилғи сифатида ишлатмаслик ҳақида расмий огоҳлантириш хатлари юборилди.
Яшил макон: Оҳангаронда вазирликлар 46 км йўл бўйлаб манзарали дарахтлар экишди