ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Татаристон делегацияси Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов билан учрашувда ишлаб чиқариш, юқори технологиялар ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Татаристон Саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Шунингдек, Татаристон бош вазири ўринбосари — саноат ва савдо вазири Олег Коробченко раҳбарлигидаги делегация Татаристон компаниялари иштирокида ташкил этилаётган саноат парклари фаолияти билан танишди.
Хусусан, “Бухоро саноатни ривожлантириш мажмуаси” ҳудудида икки ишлаб чиқариш корпуси қурилиши якунланиб, дастлабки ишлаб чиқариш бошлангани қайд этилди. Бу ерда машинасозлик, кимё, қурилиш ва телекоммуникация соҳалари резидентлари жойлаштирилади.
Шу билан бирга, “Навоий саноатни ривожлантириш мажмуаси” саноат паркларида ҳам қурилиш ва коммуникация ишлари якунланди. Ҳудудда маиший техника ва кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи резидентлар фаолият бошлаши режалаштирилган.