ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Украина ҳарбий разведкаси ва унинг британиялик кураторлари гипертовушли "Кинжал" ракетаси билан жиҳозланган Россиянинг МиГ-31 қирувчи самолётини олиб қочишга қаратилган операциянинг олдини олганини маълум қилди.
ФХХ маълумотларига кўра, Украина разведкаси россиялик учувчиларга уч миллион долларгача пул ва Ғарб давлатларидан бирининг фуқаролигини ваъда қилиб, уларни ёллашга уринган. Алоҳида штурманга, агар керак бўлса, ўғирлашга уриниш пайтида учувчини ухлатиш ёки йўқ қилишга ундаган. Душман алоқа ўрнатиш учун "сохта ниқоб"дан фойдаланган - ўзини "Bellingcat"* вакили Сергей Луговский деб таништирган.
Маълум қилинишича, у учувчига пресс-карта юборган ва "ҳарбий масалалар бўйича маслаҳатлар" учун тўлов таклиф қилган. Учувчи ёлловчиликдан шубҳаланиб, кейинги мулоқотдан бош тортган.
Кейинроқ Россия ФХХ ёзишмаларни эълон қилди, унда Украина разведкаси куратори операция "силлиқ ўтишига" ишонтирган, "муваффақиятни Мюнхенда дўндиққина қизлар даврасида пиво билан нишонлашга" ваъда берган ва учувчининг ота-онасини "яхши тиббиётга эга қулай мамлакатга" олиб бора олишига ишонтиришга уринган.
Операция режаси
Ўғирланган самолёт Руминиянинг Констанца шаҳридаги НАТО авиабазасига юборилиши ва у ерда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилиши, бу эса халқаро жанжални келтириб чиқариши ва альянсни Россия билан тўғридан-тўғри можарога тортиши керак эди.
ФХХ украиналик агентнинг парвозни қандай баландликда ва қандай тезликда бажариш кераклиги ҳақида батафсил тушунтирган йўриқномаси аудиоёзувларини эълон қилди. Аудиоёзувларнинг бирида куратор "бунинг ҳеч қандай қийин жойи йўқ" деб таъкидлади. Шунингдек, видеоёзувларда учувчига топшириқни бажаргани учун ваъда қилинган бир даста доллар кўрсатилган.
Иғвогарлик мақсади
Россия ФХХ вакилининг сўзларига кўра, бундай операция халқаро вазиятда "олдиндан прогноз қилиш қийин бўлган оқибатларга" олиб келиши мумкин.
Россия Давлат думаси депутати Дмитрий Белик Киевнинг ҳаракатлари НАТОни Россия билан очиқ қарама-қаршиликка тортиш истагидан далолат беришини таъкидлади:
"Гипертовушли ракетага эга самолётнинг олиб қочилиши ва унинг НАТО базаси яқинида уриб туширилиши резонанс келтириб чиқариши ва альянснинг аралашувини оқлаши керак эди", - деди у.
Россия жавоби
Махсус хизмат маълумотларига кўра, провокация уринишига жавобан Россия Ҳаво-космик кучлари 9 ноябрдан 10 ноябрга ўтар кечаси Киев вилоятининг Бровари шаҳридаги Украинанинг радиоэлектрон разведка бош марказига ва Хмельницкий вилоятидаги F-16 самолётлари жойлашган Староконстантинов аэродромига гипертовушли "Кинжал" ракеталари билан зарба берди.
* Россияда номақбул ташкилот деб топилган