ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёевга 36 миллион нафардан ортиқ фуқароларнинг тиббий маълумотлари жамланган DMED ягона электрон ахборот тизими имкониятлари тақдим этилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу тизим соғлиқни сақлашни рақамлаштириш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида намойиш этилди.
Маълум қилинишича, 2024–2025 йилларда 3 мингдан зиёд тиббиёт муассасаси локал тармоқ билан таъминланди, минглаб янги компьютерлар олиб келинди ва техник база янгиланди.
DMED тизими орқали тез тиббий ёрдам хизматида электрон бошқарув жорий этилди — чақириқларга етиб бориш вақти 25–30 дақиқадан 10–15 дақиқагача қисқарди.
Яқин келажакда “Online-шифокор” хизмати ишга туширилиб, аҳолига масофадан тиббий маслаҳат бериш имкони яратилади.
“Электрон рецепт” тизими орқали ортиқча дори ёзиш ҳолатлари 40 фоизга камайди, дори воситалари айланмаси шаффофлашди. Барча тиббий маълумотлар биометрик ҳимояда сақланмоқда, шахсий маълумотлар хавфсизлиги таъминланган.
Шунингдек, “Рақамли соғлиқни сақлаш маркази” фаолияти ҳақида маълумот берилди — у орқали барча тиббиёт муассасаларининг иши реал вақтда кузатилиб, сурункали касалликлар ва аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари таҳлил қилинади.