Инновацион "хаб", БМТ кўмагида марказ яратиш — Абдураҳмонов қандай таклифлар берди

Қишлоқ хўжалиги вазири минтақада аграр соҳани ривожлантириш ва ҳамкорликни кучайтириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Марказий Осиё давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов минтақада ўсимликларни муҳофаза қилиш ва зараркунандаларга қарши тезкор жавоб тизимини яратишни таклиф қилди.
Шунингдек, вазир минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан:
ташкил этилаётган “Марказий Осиё рақамли аграр альянси” ҳамда минтақавий рақамли қишлоқ хўжалиги платформаси биринчи форумини Тошкентда ўтказиш;
денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар учун аграр-инновацион хаб яратиш;
БМТнинг Овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) кўмагида “Агробиологик билимлар ва инновациялар маркази”ни Тошкентда ташкил этиш.

Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, ушбу марказ минтақавий ўқув ва малака ошириш дастурларини амалга оширади ҳамда илмий-амалий лойиҳаларни ривожлантиради.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган ушбу йиғилишда Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги раҳбарияти, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда маҳаллий ва халқаро ташкилотлар иштирок этди.
Марказий Осиёда қурғоқчилик хавфини камайтириш учун 250 млн доллар ажратилди