ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Хитой ва Марказий Осиё давлатлари минтақада ягона рақамли маконни шакллантиришга қаратилган Меморандумни имзолашга тайёр. Бу ҳақда Шанхайдаги учрашув якунлари бўйича Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашувда вазир ўринбосари Ильзат Касимов Хитой Саноат ва ахборотлаштириш вазири ўринбосари Сюн Цзицзюн билан музокаралар олиб борди.
Меморандум Хитой Саноат ва ахборотлаштириш вазирлиги ҳамда Марказий Осиё мамлакатларининг ваколатли идоралари ўртасида имзоланиши режалаштирилган.
Учрашув давомида рақамли трансформация, сунъий интеллектни жорий этиш ва саноатни модернизация қилиш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, рақамли технологиялар, “ақлли” ечимлар, катта маълумотлар ва булутли ҳисоблаш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.