ТОШКЕНТ, 7 ноя – Sputnik. Россия Мудофаа вазирлиги Ғарб мамлакатларидан Киев режимига келиб тушаётган қурол-яроғларни кузатмоқда. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.
“Албатта, мудофаа идорамиз турли Ғарб коалицияларидан Киев режимига келиб тушаётган қурол-яроғларни кузатмоқда. Биз ҳам бунга Мудофаа вазирлиги маълумотларидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдирамиз”, - деди у брифинг чоғида.
Захарова “Bloomberg” нашрининг Буюк Британия Украинага янги қурол-яроғлар партиясини етказиб бергани ҳақидаги хабарига шундай муносабат билдирди.
Нашр 3 ноябрь куни Британия Украинага “Storm Shadow” қанотли ракеталарнинг янги партиясини етказиб берганини ёзганди.
Россия Украинага қурол-яроғ етказиб беришни келишувлар йўлидаги тўсиқ, НАТО давлатларини можарога тортадиган омил ва "ўт билан ўйнаш" деб ҳисобламоқда. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг таъкидлашича, Украина учун бўлган ҳар қандай қурол юки Россия учун қонуний нишонга айланади.
Кремль ҳам Ғарбнинг Украинага қурол етказиб бериши музокараларга ёрдам бермаслигини, аксинча, салбий таъсир кўрсатишини билдирди.
Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва НАТО Украинадаги можарода бевосита иштирок этаётганини қайд этди — бу нафақат қурол-яроғ жўнатиш, балки Буюк Британия, Германия, Италия ва бошқа мамлакатлар ҳудудида Украина қўшинлари учун кадрлар тайёрлаш орқали ҳам амалга оширилаяпти.