ТОШКЕНТ, 6 ноя – Sputnik. Москва шаҳрида 30 октябрь-2 ноябрь кунлари ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида ўтказилган Abilimpiks–2025 профессионал маҳорат чемпионатида ўзбекистонлик Гулноза Шермаматова кумуш медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мусобақада 18 та давлатдан 1000 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди. Ўзбекистон номидан қандолатчилик, тикувчилик, фотография ва саноат робототехникаси йўналишлари бўйича олти нафар ёш мутахассис иштирок этди. Гулноза Шермаматова “Фотография” йўналишида кумуш медалга сазовор бўлди.
2026 йилда Ўзбекистонда биринчи Республика Abilimpiks мусобақаси ўтказилиши режалаштирилган.
Мусобақа инклюзив касбий муҳитни ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.