ТОШКЕНТ, 6 ноя – Sputnik. Фарғона вилояти ҳокимлиги ва “Heyal Holding” компанияси ўртасида Қува туманида қиймати 350 миллион долларлик махсус саноат ҳудудини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.
Шунингдек, ҳокимлик ва ADK Group Elektrik San компанияси ўртасида 10 млн долларлик заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш лойиҳасида ҳамкорликка келишилди.
Ҳужжатлар Истанбулда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг турк бизнес вакиллари билан учрашуви доирасида имзоланди. Учрашувда саноат, автомобилсозлик, энергетика, қурилиш, АТ, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, туризм ва кинематография соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, “Aktiv Group”, “Aydin Gold”, “Smtr Group”, “Seyhan Ambalaj Makina” ва “Cabani Shoes” каби компаниялар Фарғонада янги лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.