ТОШКЕНТ, 3 ноя – Sputnik. Тошкент шаҳрида “Янги авлод кадрларини тайёрлаш: таълим, фан ва инновациялар орқали Ўзбекистон ва Хитойнинг барқарор тараққиёт сари ҳамкорлиги” мавзусидаги Ўзбекистон–Хитой иккинчи таълим форуми ўз ишини бошлади.
Анжуман Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ташкил этилган.
Форумда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мутасаддилари, 160 дан ортиқ маҳаллий таълим муассасалари вакиллари, Хитой Таълим вазирлиги бошчилигидаги 140 дан зиёда олий ва касбий таълим муассасалари раҳбарлари, шунингдек иш берувчи корхоналар иштирок этмоқда. Жами қатнашчилар сони 500 нафарга яқин.
Анжуман доирасида “Бир макон, бир йўл” ташаббуси, “Ўзбекистон–2030” стратегияси ҳамда Хитой–Марказий Осиё таълим интеграциясига оид қатор меморандум ва битимлар имзоланди.
Биринчи кун якунига кўра, Ўзбекистоннинг олий таълим муассасалари ва Хитойнинг етакчи университетлари ўртасида 20 дан ортиқ ҳамкорлик ҳужжатлари расмийлаштирилди.
Тадбирда турли шўба йиғилишлари бўлиб ўтди. Улар таълимни рақамлаштириш, илмий тадқиқотларни амалиётга жорий этиш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва талаба алмашинувини кенгайтириш каби масалаларга бағишланди.
Форум иштирокчилари учун миллий рақслар, турли спорт ўйинлари ва ҳудудларга оид урф-одатлар намойиш этилди. Шунингдек, икки мамлакат вакиллари дўстлик рамзи сифатида университет ҳудудига дарахт кўчатлари экдилар.