ТОШКЕНТ, 3 ноя – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев прокурор назоратини рақамлаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда Бош прокуратура тизимида рақамли прокурор назоратини жорий этиш, текширув ва мониторинг жараёнларини автоматлаштириш бўйича таклифлар тақдим этилди. Бу орқали қонунбузилишларни эрта аниқлаш, масъул шахслар фаолиятини реал вақтда кузатиш ва назорат тизимини шаффоф ҳамда самарали қилиш имкони яратилади.
Ҳозирда тергов жараёнларида ягона баҳолаш тизими мавжуд эмас, ҳисоботлар қўлда юритилмоқда, жиноят ишлари эса ҳали ҳам қоғоз шаклида сақланмоқда. Бу эса иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда ва ҳисобот тайёрлашга бир ҳафтагача вақт сарфланмоқда.
Шу муносабат билан жиноят ҳақидаги хабардан то суд қарори ижросигача бўлган жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш, тергов фаолиятига сунъий интеллектни жорий қилиш вазифаси қўйилди. Бу тизим тергов жараёнини тезлаштириш, инсон омилини камайтириш ва масъулиятни оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, рақамли жиноятларнинг олдини олиш мақсадида сунъий интеллект, киберҳуқуқ ва рақамли ҳуқуқ бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади. Бу орқали рақамли таҳдидларни олдиндан аниқлайдиган ва самарали чора кўрадган профессионал кадрлар етиштириш мақсад қилинади.