ТОШКЕНТ, 3 ноя – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан 3–4 ноябрь кунлари амалий ташриф билан Доҳада бўлади. Давлат раҳбари Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитида иштирок этади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Саммит доирасида ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги тафовутларни бартараф этиш, Копенгаген декларациясига содиқлик ва 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинади.
Ҳамкорликни мустаҳкамлаш, миллий стратегияларни такомиллаштириш, ижтимоий адолат ва инклюзивликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам муҳокама марказида бўлади.
Саммит давлатлар, халқаро ташкилотлар, БМТ тизими, экспертлар ва ишбилармонлар ўртасидаги мулоқот учун муҳим платформа ҳисобланади.
Форумнинг асосий мақсади — қашшоқликни камайтириш, тўлиқ бандликка кўмаклашиш, муносиб меҳнат шароити яратиш ва ижтимоий интеграцияни кенгайтириш.
Тадбир якунида ижтимоий тараққиёт соҳасида халқаро шерикликни кучайтиришга қаратилган Доҳа декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.