ТОШКЕНТ, 3 ноя – Sputnik. Онлайн-микроқарзлар билан боғлиқ фирибгарликлар жабрланувчилари улар номига олинган қарзни тўламайдиган тартиб жорий этилади. Бу ҳақда кибержиноятларга қарши самарали курашиш бўйича таклифлар тақдимотида сўз борди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Тақдимотда таъкидланишича, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича аниқ механизм йўқ. Айрим тадбиркорлар мижозлар маълумотларини очиқ базаларда сақламоқда. Давлат хизматларида ҳам биометрик идентификация ва электрон имзоларни ҳимоя қилиш кафолатлари етарли эмаслиги қайд этилди.
Шунинг учун маълумотларни шифрлаб сақлаш, маълумотга ишлов берувчиларнинг ягона реестрини юритиш ва соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жазони кучайтириш зарурлиги билдирилди.
Онлайн-микроқарзлардаги фирибгарликлар ҳам алоҳида таъкидланди. Бунда жабрланувчилар номига олинган қарзларни улардан ундирмаслик, шубҳали ҳисобварақларни тезкор блоклаш каби чоралар таклиф этилди.
Шу билан бирга, криптоактивларга ҳужумлар ва “ақлли” қурилмаларни бузиш каби янги кибержиноят турларини ўрганиш ва олдини олиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш зарурлиги қайд этилди.
Президент таклифларни маъқуллаб, ИИВ Киберхавфсизлик марказининг салоҳиятини ошириш ва кибержиноятларга қарши курашиш самарадорлигини кучайтириш, жумладан, уларни тезкор фош этиш бўйича 7 турдаги янги экспертизани йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берди.