Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилади — янги қарор

© Sputnik / Алексей Мальгавко / Медиабанкка ўтишВирус-вымогатель атаковал IT-системы компаний в разных странах
Вирус-вымогатель атаковал IT-системы компаний в разных странах - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.05.2025
Oбуна бўлиш
Кибержиноятларга қарши курашишга ва рақамли терговга кўмаклашиш маркази ташкил этилади.
TOШКЕНТ, 6 май — Sputnik. Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган тегишли қарорда назарда тутилган.
“Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга кўра, Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида ваколатли орган этиб белгиланди.
Ўз кундалик фаолиятини ташкил этишда мижозларининг манфаати ва молиявий хавфсизлигини таъминлаш банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг устувор вазифаси сифатида кўрсатилди.
"Кибержиноятни содир этишда ўз номидаги банк картаси, банк ҳисобрақами, SIM картаси ҳамда электрон ҳамёнидан фойдаланишга йўл қўйган шахслар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади", — дейилган ҳужжат матнида.
Банклар, тўлов тизими операторлари ҳамда тўлов ташкилотларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида содир этилган кибержиноят оқибатида келиб чиққан моддий зарарни улар ҳисобидан ундириш тартиби жорий этилади.
Жиноят қонунчилиги билан ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ҳамда пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият учун белгиланган жазо чоралари кучайтирилади.

“Жиноят содир этишда ахборот технологияларидан фойдаланиш жавобгарлик ҳамда жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланади”, — дейилади ҳужжат матнида.

Қарорга кўра, ҳар ой якуни бўйича тизимида энг кўп кибержиноятлар қайд этилган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхати оммага эълон қилинади.
Мараказий банк томонидан аҳоли пул маблағларини жалб қилишга қаратилган фирибгарлик схемалари (“молиявий пирамида”) аломатларини аниқлаш ҳамда улар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тезкор хабар бериш тизими йўлга қўйилади.
Республика миқёсида ҳар йилнинг ноябрь ойи “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” деб эълон қилинади
Кибержиноятларнинг шакллари ва уларни содир этиш усуллари тўғрисида огоҳлантириш учун интернет ва ижтимоий тармоқлардаги мақсадли (таргет) реклама хизматидан бепул тарзда фойдаланилади.
Марказий банк 2025 йил 1 сентябргача қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган чораларни амалга оширади:
банклар, тўлов тизими операторлари, тўлов ташкилотлари ҳамда кредит бюроларининг транзакциялари ва бошқа зарурий маълумотларини Марказий банкнинг ягона платформасига интеграция қилиш;
Марказий банкда марказлашган антифрод тизимини ҳамда банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг антифрод тизимларини жорий этишни якунига етказиш.
Ҳужжатга кўра, вояга етмаганлар банкларда ҳисобрақамлари ва банк карталарини очиши бўйича талаблар ишлаб чиқилади.
Банклар ота-оналарни уларнинг вояга етмаган фарзандлари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операциялар ҳақида хабардор қилиш амалиётини йўлга қўяди.
Банклар ва тўлов ташкилотлари томонидан ўзининг мобил иловаларига антивирус ҳимоя тизимларини ўрнатиш ҳамда фойдаланувчи қурилмасида зарарли дастурлар белгилари мавжудлиги аниқланганда уларни огоҳлантириш амалиёти жорий этилади.
Ички ишлар органлари масъул бўлинмалари сўровига асосан шубҳали пул ўтказма амалиётларига алоқадор банк карталари тезкорлик билан блокланади.
Терговга қадар текширув ва дастлабки тергов давомида содир этилган кибержиноятлар юзасидан киберхавфсизлик талабларига риоя қилинганлиги бўйича хулоса “Киберхавфсизлик маркази” ДУК томонидан берилади.
Шунингдк, Кибержиноятларга қарши курашишга ва рақамли терговга кўмаклашиш маркази ташкил этилади. Кибержиноятларни фош этиш, уларни тергов қилиш амалиётидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича илмий асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш Марказнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Киберфирибгарлардан қандай ҳимояланиш керак? - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.12.2024
Матбуот маркази
Киберфирибгарлардан қандай ҳимояланиш керак?
Янгиликлар лентаси
0