ТОШКЕНТ, 3 ноя – Sputnik. Ўзбекистонда стратегик режалаштириш тизими янгиланиб, ҳужжатлар миқёси ва ҳуқуқий мақомига кўра уч тоифага ажратилди: концепциялар, стратегиялар ва дастурлар. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Янги тартиб президентнинг “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланди. Ҳужжат 2025 йил 1 ноябрдан кучга кирган.
Янгиланган тизимга кўра:
1-даражали ҳужжатлар — концепциялар, 7 йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган бўлиб, қонунлар билан тасдиқланади;
2-даражали ҳужжатлар — стратегиялар, 4–7 йилгача тайёрланиб, президент ҳужжатлари билан тасдиқланади;
3-даражали ҳужжатлар — дастурлар, 1–3 йилгача бўлган муддатга белгиланиб, президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади.
Шунингдек, фармонга кўра стратегик режалаштириш соҳасида бошқарув тизими ҳам қайта ташкил этилмоқда
Таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш — энди Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожланиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш деб юритилади;
Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги — эндиликда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг стратегик режалаштириш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.
Шунингдек, 1- ва 2-даражали ҳужжатлар лойиҳаларини мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқиб, маъқулланган ҳолда Президентга киритади.