ТОШКЕНТ, 30 окт – Sputnik. Яшил иқлим жамғармаси (ЯИЖ) Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг “Музликлардан фермерларга” дастури учун 250 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати хабар берди.
Маблағ асосан грантлар шаклида берилади ва келаси ўн йилда ОТБнинг 3,25 миллиард долларлик инвестиция дастури доирасида амалга оширилади.
Лойиҳалар самарали суғориш, сув омборлари қурилиши ва ҳавза бошқарувини такомиллаштиришга йўналтирилиб, қурғоқчилик ва тошқинлар хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Дастур ОТБа аъзо тўққизта давлатни — Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни қамраб олади. Бу мамлакатлар музлик сувларига таянган ҳолда қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва энергетика соҳаларида фаолият юритади.
Лойиҳа Норин ва Панж (Марказий Осиё), Кура (Жанубий Кавказ) ҳамда Сват (Покистон) дарё ҳавзаларини ўз ичига олади. У 27 миллион гектар ҳудудни қамраб, 13 миллионга яқин аҳолига, жумладан фермерлар ва тоғли ҳудудлардаги заиф аҳолига фойда келтиради.
Шунингдек, дастур доирасида сув танқислиги ва иссиқлик таъсиридан жабр кўраётган аҳоли учун ижтимоий ҳимоя ҳамда тиббий ёрдам дастурларини қўллаб-қувватлайди.
Шу билан бирга, айниқса аёллар раҳбарлигидаги қишлоқ хўжалиги фаолиятларини ривожлантириш учун маҳаллий банклар имкониятлари кенгайтирилади.