Янги тизим: ҳомиладорлик ва касаллик нафақалари Ижтимоий ҳимоя жамғармаси орқали тўланади

Расмий банд бўлган барча шахсларга нафақалар босқичма-босқич Ижтимоий ҳимоя жамғармаси орқали тўланиши йўлга қўйилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 окт – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш бўйича тақдим этилган таклифлар билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда қайд этилганидек, хусусий секторда банд бўлган аҳолининг катта қисми ҳозирда ҳомиладорлик, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва ишдан бўшаш каби ҳолатлар бўйича нафақалар билан қамраб олинмаган.
Бу ҳолатни тўловлар ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархининг ошишига олиб келаётгани, иш берувчилар нафақаларни тўлашга ортиқча юкланма сифатида қараётгани сабабли уларга учун ушбу тизим жозибадор эмаслиги билан изоҳлаш мумкин.
Шу билан бирга, Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларига кўра, туғиш ва касаллик бўйича нафақалар ижтимоий суғурта механизмлари орқали тўланиши белгиланган.
Ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва миллий суғурта тизимини халқаро талабларга мослаштириш мақсадида ишлаб чиқилган таклифлар муҳокама қилинди. Унга кўра, расмий банд бўлган барча шахсларга нафақалар босқичма-босқич Ижтимоий ҳимоя жамғармаси орқали тўланиши йўлга қўйилади.
2026 йилдан аёлларга ҳомиладорлик нафақаси, 2026 йил иккинчи ярмидан эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари тўлаб борилади.
Янги тизимнинг асосий мақсади — ишчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва расмий меҳнат муносабатларини рағбатлантириш экани таъкидланди.
Президент соҳани рақамлаштириш, унинг шаффоф ишлашини таъминлаш, нафақаларни проактив тарзда тайинлаб, ўз вақтида тўлаб бориш бўйича топшириқлар берди.
Танзила Нарбаева Женевада аёллар ҳуқуқи ва меҳнат масалаларини муҳокама қилди