ТОШКЕНТ, 28 окт – Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч давлатнинг давлат чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Шартнома 2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашуви чоғида имзоланган. Унга мувофиқ уч давлатнинг чегаралари туташган нуқтанинг аниқ жойлашуви ҳамда шу ҳудудда давлат чегаралари чизиқларининг ўтиши белгилаб қўйилди.
"Мазкур шартнома уч қардош мамлакатлар ўртасида яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади", - дейилади хабарда.
Шу билан бирга бутун Марказий Осиё минтақасининг халқаро нуфузини янада оширишга қаратилган муҳим қадам сифатида қайд этилади.
Шартнома уч давлат фуқаролари ўртасидаги алоқаларнинг жадаллашувига, чегарадош ҳудудларнинг иқтисодий ҳамкорлигининг кучайишига, чегараолди савдо ҳажмининг ўсишига, инфратузилмавий лойиҳаларни ҳамоҳанг амалга оширишга ва янги иш ўринлари яратилишига мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.