Харажатларни қисқартириш, ЯИМни 150 млрд $ га етказиш: 2026 йил учун режалар маълум бўлди

Президент раҳбарлигидаги йиғилишда жорий йил натижалари ва 2026 йил бюджет йўналишлари кўриб чиқилиб, харажатларни қисқартириш ва самарадорликни ошириш топшириқлари берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 окт – Sputnik. Президент ҳузурида ўтган кенгайтирилган йиғилишда жорий йил натижалари ва 2026 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар муҳокама қилинди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, январь–сентябрь ойларида иқтисодиёт 7,6 фоизга ўсди. Саноат – 6,8 фоиз, қурилиш – 14,2 фоиз, хизматлар – 14 фоиз, қишлоқ хўжалиги – 4,1 фоизга ошди. Олтин-валюта захиралари 55 миллиард долларга етди. “Fitch”, “Moody’s” ва “S&P Global” Ўзбекистон иқтисодиётига оид прогнозларини яхшилади.
Аҳоли даромадлари 18,4 фоизга, омонатлар 35,3 фоизга, ўртача иш ҳақи 19,2 фоизга ошди. Президент ЯИМни йил якунида 135 миллиард доллардан ошириш вазифасини белгилади.
Совещание по рассмотрению ожидаемых результатов экономического развития в текущем году и основных макроэкономических показателей на 2026 год
Йиғилишда мутасаддилар томонидан 2026 йилда ўсиш 6,6 фоиз даражасида таъминланиб, ЯИМ 150 миллиард доллардан оширилиши, иқтисодиётга камида 400 триллион сўм йўналтирилиши ва инфляция 7 фоиздан ошмаслиги прогноз қилинганлиги юзасидан ахборот берди.
Президент томонидан харажатларни қисқартириш, самарадорликни ошириш, таннархни камайтириш, хусусий сектор улушини кўпайтириш, давлат корхоналари дивиденд сиёсати ва субсидиялар самарадорлигини кучайтириш бўйича вазифалар қўйилди.
Яширин иқтисодиёт улушини камайтириш ва маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.
Халқаро молия иштирокидаги лойиҳаларни тезлаштириш ҳамда янги лойиҳаларга ресурс жалб қилиш фақат мавжудларини якунлагандан кейин амалга ошириш вазифаси қўйилди.
Бюджетдан ташқари жамғармалардаги қолдиқ маблағларнинг ярмини алоҳида жамғармага ўтказиб, мактаблар қурилиши ва тиббиётга йўналтириш бўйича топшириқ берилди.
Йиғилиш натижасига кўра, 2026 йил Давлат бюджети лойиҳасининг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Тошкентда янги саноат зонаси ва тезкор автобус тизими — президент тақдимот билан танишди