Тошкент экологияси: газ тозалаш ускуналари, ҳаво мониторинги, кўмирдан воз кечиш режаси

Лойиҳа ҳудуддаги энг долзарб экологик муаммолардан бири — саноат корхоналари ва иссиқхона хўжаликларидан келиб чиқадиган ифлословчи моддалар чиқариш даражасининг юқорилигини ҳал этишга қаратилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 окт – Sputnik. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳаво ифлосланишининг олдини олишга қаратилган қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг маълум қилишича, тегишли ҳужжат Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.
Ҳужжатда қуйидаги чора-тадбирлар режалаштирилган:
ҳудуддаги саноат корхоналари ва иссиқхоналарда чанг ва газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш;
иссиқхоналарда мавжуд қозонларни, уларнинг амалдаги талабларга жавоб бермаслигини ҳисобга олиб, замонавий энергия самарадор ва экологик тоза тизимлар билан алмаштириш;
иссиқхона ва саноат объектларини кўмирни ишлатмасдан бошқа альтернатив энергия манбаларига ўтказиш;
корхоналарга ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, ташламаларни тозалаш тизимларини, маҳаллий тозалаш иншоотларини, автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш учун молиявий рағбатлар тақдим этиш, шу жумладан, грант механизмлари ёрдамида.
Айтилишича, ушбу чора-тадбирлар Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолиси учун қулайроқ экологик шароит яратишга хизмат қилади.
Экологияда муҳим қадам: Тошкентда 400 мингта дарахт электрон базага киритилди