ТОШКЕНТ, 24 окт – Sputnik. Ўзбекистонда болалар ва катталарнинг қўшимча таълим олиши учун қулай шарт-шароитлар яратилади. Бу ҳақда қабул қилинган қонун билан тегишли ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжатга кўра, қўшимча таълим қуйидаги турларни ўз ичига олади:
болалар учун қўшимча таълимни;
катта ёшдагилар учун қўшимча таълимни.
Болалар учун қўшимча таълим узлуксиз таълим беришнинг таркибий қисми сифатида уларнинг истеъдоди ва қобилиятини ривожлантириш, маънавий эҳтиёжларини қаноатлантириш мақсадида амалга оширилади.
Бунда давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек тижорат ташкилотлари маданий-эстетик, илмий, техникавий, спорт ва бошқа йўналишларда болалар учун қўшимча таълим ташкилотларини ташкил этиши мумкин.
Катта ёшдагилар учун қўшимча таълим уларнинг таълимга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш, қўшимча билим ва кўникмаларни эгаллашига кўмаклашиш учун ташкил этилади.