ТОШКЕНТ, 24 окт – Sputnik. 21–22 октябрь кунлари Москва вилоятида Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари кенгашининг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакат ҳудудлари ўртасида иқтисодий, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувлар имзоланди.
Ҳудудлар кенгашининг иккинчи мажлисининг асосий натижалари ва маълумотлари:
Келишувлар:
Фарғона вилояти
Самара, Омск ва Пенза вилоятлари билан иқтисод, саноат, қишлоқ хўжалиги ва инвестиция соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар имзоланди.
Сурхондарё вилояти:
Красноярск ўлкаси билан саноат, савдо, ёшлар сиёсати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида узоқ муддатли шериклик тўғрисида меморандум имзоланди. Учрашув якунида губернатор Михаил Котюков Сурхондарёга амалий ташриф билан келиш ниятини билдирди.
Санкт-Петербург ва Челябинск вилоятлари билан экспорт салоҳиятини ошириш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш ва тадбиркорлар мулоқотини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Наманган вилояти:
Бошқирдистон билан савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди; “Савдо уйи” ва “Логистика маркази” очилади.
Самара вилояти билан янги инвестиция лойиҳалари ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича келишувга эришилди; ўзбек маҳсулотлари сотиладиган фирма дўконлари очиш режаси муҳокама қилинди.
Доғистон Республикаси билан қўшма бизнес-форумлар ташкил этиш ва “Савдо уйи” ҳамда “Логистика маркази” очишга келишилди.
Навоий вилояти Чувашия Республикаси билан ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” имзоланди; икки йиллик устувор йўналишлар ва амалга ошириш механизмлари белгилаб олинди.
Сирдарё вилояти Томск вилояти билан савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.
Шунингдек, Тошкент ва Навоий вилоятлари Архангельск билан ўрмон саноати, кимёвий маҳсулотлар ва энергетика соҳаларида ҳамкорлик бўйича битимлар тузди.
Тошкент вилоятида Россия инвестициялари ҳажми 1 млрд долларга яқин, савдо айланмаси 2 млрд доллардан ошди; умумий қиймати 500 млн долларлик 20 тадан зиёд қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда.
Москва вилояти компаниялари билан ҳамкорлик мисоллари:
“Метровагонмаш” — 2019 йилдан бери Тошкент метроcига 164 та вагон етказиб берилган.
“Металл Профиль” — Тошкентда металл черепица ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
"Wildberries" — Ўзбекистонда 100 тадан зиёд етказиб бериш пунктлари очган, Тошкент вилоятида 180 минг кв.м логистика маркази қурмоқда.
Истра ва Люберци корхоналари — болалар озуқаси ва трансформаторлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режаси бор.
Тарафлар баёнотлари:
Красноярск губернатори Михаил Котюков — савдо ва саноат ҳамкорлигини кенгайтириш, ёшлар ва спорт лойиҳаларида қўшма ишларни давом эттириш ниятини билдирди.
Бошқирдистон раҳбари Радий Хабиров — Тошкент вилоятида саноат парки қурилиши декабрда бошланишини айтди; қишлоқ хўжалиги ерларида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади.
Москва вилояти ҳокими Андрей Воробьёв — амалга оширилган саноат ва гуманитар лойиҳалар ҳақида гапириб, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ҳамкорлик кенгайганини қайд этди.
Иқтисодий динамика ва рақамлар:
Россия–Ўзбекистон товар айланмаси 2024 йилда 12 млрд долларни ташкил этди; 2025 йил бошидан +10% ўсиш қайд этилган.
Москва вилояти — Ўзбекистон: 2024 йилда 833 млн доллар (2020 йилга нисбатан 2 баробар кўп), 2025 йилнинг биринчи ярмида +12,2%.
Красноярск — Ўзбекистон: 2024 йилда 120 млн доллардан ортиқ савдо ҳажми қайд этилган.
Чувашия — Навоий вилояти ҳамкорлиги доирасида “Новочебоксарск” махсус иқтисодий зонасида 588 млн рубллик электр жиҳозлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади.
Мажлис доирасида Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида жами 30 тадан ортиқ битим имзоланди. Ҳар бир йўналиш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқилмоқда — саноат, қишлоқ хўжалиги, логистика, таълим ва маданият соҳаларида аниқ қадамлар белгилаб олинди.
Эслатамиз, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси ўтган йил майида Тошкентда бўлиб ўтганди. Унда Ўзбекистон ва Россия президентлари ҳам қатнашганди.