ТОШКЕНТ, 23 окт – Sputnik. Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг иккинчи йиғилиши доирасида икки мамлакат орасида 30 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Имзоланган ҳужжатлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, илмий-техникавий ва инновацион алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Шунингдек, йиғилишда ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро алоқалар ҳамда маданий-гуманитар шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Айниқса, электрон савдони ривожлантириш, қўшма саноат корхоналари ташкил этиш, улгуржи-тақсимот марказларини яратиш, шунингдек, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш учун дуал таълим тизимини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.