Москвада омбудсман Ўзбекистон фуқаролари билан мулоқот ўтказди

Феруза Эшматова Россияга ташриф доирасида Москвада фуқаролар билан учрашиб, улар дуч келаётган ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларни муҳокама қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 окт – Sputnik. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Россия Федерациясига ташриф буюрди. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф доирасида омбудсман Москва шаҳридаги элчихонада Ўзбекистон фуқаролари билан учрашди.
Мазкур учрашув фуқаролар дуч келаётган муаммоларга амалий ечим топиш мақсадида ташкил этилди.
Унда Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова ва унинг жамоаси, шунингдек, Россиянинг Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ташқи меҳнат миграцияси, рухсатномалар ва визалар билан ишлаш департаменти вакиллари иштирок этдилар.

Мулоқот давомида фуқаролар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий ва ижтимоий йўналишларда, жумладан, вақтинча ишлаш учун келган шахслар фаолияти, меҳнат шартлари, рўйхатдан ўтиш (прописка), мактаб таълими каби соҳаларда дуч келаётган масалалар бўйича фикр алмашдилар.

Эслатиб ўтамиз, 30 июль куни Ўзбекистон ва Россия инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллар ўртасида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” имзоланган эди. Унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фуқаролар мурожаатларини биргаликда кўриб чиқиш, мониторинглар ўтказиш, мигрантлар ўртасида ҳуқуқий хабардорликни ошириш йўналишлар белгиланган.
Россияда ишлаш учун патент расмийлаштириш жараёнлари Тошкентда ўтказилиши мумкин