ТОШКЕНТ, 21 окт – Sputnik. Ўзбекистон мудофаа вазири Шуҳрат Халмуҳамедов Озарбайжон мудофаа вазири Закир Ҳасанов билан Самарқанд шаҳрида икки томонлама учрашув ўтказди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида икки давлат мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тайёргарлик тизимини такомиллаштириш, тажриба ва амалий билим алмашувини йўлга қўйиш, шунингдек, мамлакатлараро ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда халқаро терроризмга қарши курашишда ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилишди.
Учрашувнинг асосий мақсади тинчлик, бирлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қиладиган амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат бўлди.
Озарбайжон мудофаа вазири Марказий Осиё давлатлари мудофаа вазирлари билан биргаликда “Каттақўрғон” полигонида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбойжон ва Қирғизистон мудофаа вазирликлари бўлинмалари иштирокида ўтказилаётган “Бирлик – 2025” минтақавий ўқув машғулотларини кузатади.