Мирзиёев Ўзбек тили корпусини яратишни топширди

Президент СИ ўзбек тили ва миллий қадриятларни тўла акс эттириши учун Ўзбек тили корпусини яратишни топширди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 окт – Sputnik. Ўзбекистонда Ўзбек тили корпуси яратилади. Президент Шавкат Мирзиёев тегишли топшириқ берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

“Бир нарсани билинглар – сунъий интеллект дастурлари самарали ишлаши учун улар, аввало, ўзбек тилини мукаммал даражада тушуниши зарур”, – деди давлат раҳбари Ўзбек тили байрами куни билан табриклаётиб.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, ўзбек тилидаги адабиётлар, маълумотлар, мақолалар, ҳисоботлар, илмий ишларнинг аксарияти рақамлашмаган, электрон шаклга ўтказилганлари ҳам ҳар хил манбаларда сақланмоқда.
"Вазирлар Маҳкамасига барча вазирлик ва идораларнинг ўзидаги маълумотларни электрон форматга ўтказиш графигини тасдиқлатиш, Рақамли технологиялар вазирлигига эса сунъий интеллект миллий маданият ва қадриятларни ўзида ифодалай олиши учун Ўзбек тили корпусини яратиш топширилди", - дейилган хабарда.
2026 йил якунига қадар катта ҳажмдаги рақамли маълумотларни бир жойга жамлаб, уларни қайта ишлаш, таҳлил қилиш, фойдаланиш имконини берадиган “Data Lake” платформасини ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Бугун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 36 йил бўлди.
Ўзбекистондаги вокзал ва станциялар номлари давлат тили қоидаларига мослаштирилади