ТОШКЕНТ, 21 окт – Sputnik. Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов “GlokalEuroasia” компанияси раҳбари Иқбол Муҳаммад билан учрашув ўтказди. Учрашув чоғида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қиладиган янги келишувларга эришилди, деб хабар берди “Дунё” ахборот агентлиги.
“GlokalEuroasia” Узун туманида мис қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича 650 миллион долларлик йирик лойиҳа амалга оширишни режалаштирмоқда. Лойиҳа доирасида ҳар йили 10 минг тонна мис қазиб оладиган ва қайта ишлайдиган корхона ташкил этилади.
Ҳудудда геология-қидирув ишларининг дастлабки икки босқичи муваффақиятли якунланган. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг 350 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Шунингдек, ҳиндистонлик ҳамкорлар вилоятда олий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш ниятини билдирди. Улар минтақада халқаро таълим стандартларини жорий этиш ва хорижий талабаларни жалб қилишга қизиқиш билдирди.
“GlokalEuroasia” тоғ-кон саноати, таълим ва тиббиёт соҳаларида йирик халқаро лойиҳаларни амалга ошириш тажрибасига эга компания ҳисобланади.