ТОШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо мамлакатлар 2030 йилга бориб умумий биржа товар бозорига эга бўлади. Бу ҳақда Москвада ўтказилган "Россия энергетика ҳафталиги" халқаро форумида ЕИК Рақобат ва монополияга қарши тартибга солиш вазири Максим Ермолович маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда ЕОИИга аъзо давлатлар вакилларидан иборат Биржа қўмитаси тузилади. Кузатувчилар сифатида Ўзбекистон ва Эрон биржаларини таклиф этиш режалаштирилмоқда.
Ҳозирда ЕИКнинг вазифаси кенг рўйхатдаги биржа товарларига нарх кўрсаткичларини шакллантириш бўйича бирлашмада умумий тамойиллар ва ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат эканлигини вазир қўшимча қилди.
"Ёқилғи-энергетика комплексининг барча турдаги товарларини умумий биржа товар бозорига киритиш тўғрисидаги мунозара қайта тикланиши лозим”, — деди Ермолович.
Унинг таъкидлашича, ёқилғи-энергетика комплекси товарларига нарх кўрсаткичларини белгилаш барча аъзо давлатлар миллий иқтисодиётларининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Аввалроқ Россия иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Дмитрий Вольвач ЕОИИ умумий биржа товар бозори интеграция кун тартибининг барча йўналишларини ўзгартириб юборишини айтган эди.