ТОШКЕНТ, 13 окт – Sputnik. Японияда ўтказилаётган "EXPO 2025 Osaka, Kansai, Japan" бутунжаҳон кўргазмаси доирасида Ўзбекистон павильони ўз йўналиши бўйича энг юқори мукофот — "Мавзуни энг яхши очиб берганлик учун" номинациясида олтин медалга сазовор бўлди. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
“Биз тақдим этган "Билимлар боғи: келажакдаги жамият учун лаборатория" концепцияси анъана ва инновация уйғунлигини ифода этди. Ғоямиз жаҳон ҳамжамиятида кенг кўламли акс-садо берди. Барчани руҳлантирган профессионаллик ва ишонч учун бутун жамоага ҳамда халқаро ҳамкорларимизга миннатдорлик билдираман”, — деб ёзди Мирзиёева ўз Telegram-каналида.
Шунингдек, Мирзиёева тақдим этилган концепция анъана ва инновациялар уйғунлигини ифода этганини, ҳамда бу ғоя жаҳон ҳамжамиятида кенг кўламли акс-садо берганини таъкидлади.
EXPO 2025 кўргазмаси 13 апрелдан 13 октябргача Осака шаҳридаги Юмешима оролида бўлиб ўтмоқда. Тадбирнинг бош мавзуси — “Келажак жамиятини яратиш” (Designing Future Society for Our Lives) бўлиб, у соғлом ҳаёт, инсон салоҳиятини ривожлантириш ва инновация орқали дунёни бирлаштириш ғояларини қамраб олади.
Кўргазмада 160 тадан зиёд мамлакат иштирок этмоқда. Ташкилотчиларнинг баҳолашича, EXPO 2025 Япония ва Осака минтақаси учун тахминан 13 миллиард доллар миқдорида иқтисодий самара келтиради.