ТОШКЕНТ, 11 окт – Sputnik. Криптовалюта бозори бир сутка ичида тахминан ўн миллиард доллар йўқотди. Coinglass маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида апрелдан бери кузатилмаган миқёсдаги энг йирик савдо позицияларининг ёпилиши қайд этилган.
Маълумотларга кўра, бозордаги беқарорлик аломатлари жума кунданоқ сезила бошлаган, аммо воқеалар Трампнинг Хитойга қарши қўшимча божлари ҳақидаги баёнотидан сўнг содир бўлган.
Президент Дональд Трамп 1 ноябрдан ёки ундан олдин Хитойдан келадиган товарларга қўшимча 100 фоизлик бож тўлови жорий этилишини маълум қилди. У бу қарорни “Хитойнинг савдодаги тажовузкор сиёсати” билан изоҳлади.
Ушбу баёнотдан сўнг трейдерлар 7 миллиард доллардан ортиқ позицияларни ёпишга мажбур бўлди.
Натижада, биткойн 12 фоизга арзонлаб, апрелдан бери кузатилмаган даражадаги пасайишни қайд этди. Ҳафта бошида 125 минг долларга яқин савдолар бўлган энг йирик криптовалюта жума куни кечга бориб 113 минг доллар атрофида баҳоланди.
Мутахассислар таъкидлашича, ҳозирда бозордаги асосий хавф — “контрагент таъсири” ва қарз воситаларидан ортиқча фойдаланиш оқибатлари билан боғлиқ.
Ушбу вазиятдан сўнг Трамп ўз ижтимоий тармоғида Байденни айблади. “У уч йил давомида иқтисодни вайрон қилган эди. Энди биз бунинг оқибатларини кўрмоқдамиз” деб. Ундан ташқари АҚШ президенти яқинда Биткоин яратувчиси Сатоши Накамото билан “тарихидаги энг яхши битим” имзолашини эълон қилди.