ТОШКЕНТ, 11 окт – Sputnik. Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев Озарбайжоннинг “PASHA Real Estate” компанияси раҳбари Элчин Гадимов билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Тошкент шаҳрида “Ritz-Carlton” бренди остида қурилаётган, умумий қиймати 200 миллион АҚШ доллари бўлган беш юлдузли меҳмонхона ва турар жой мажмуаси қурилишининг амалга оширилиш жараёни муҳокама қилинди.
Лойиҳа доирасида Британиянинг Benoy компанияси билан ҳамкорликда объектларнинг бош режаси ишлаб чиқилган.
Ҳозирда қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Йил якунига қадар ерости иншоотларини қуриш босқичи якунланиб, биноларнинг устки конструкцияларини барпо этиш босқичи бошланиши режалаштирилган.
Учрашув якунида томонлар лойиҳани белгиланган муддатларда ва юқори сифат билан якунлаш учун барча зарур чораларни кўришга келишиб олдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.