Россия нашриёти Ўзбекистонга илк босма Қуръонлардан бирини ҳадя қилди

Бу муқаддас китоб 1787 йилда Санкт-Петербург шаҳрида чоп этилган бўлиб, ислом матбаачилиги тарихидаги илк босма Қуръонлардан бири саналади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 окт – Sputnik. Россиянинг “Медина” нашриёти Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ноёб асарлар тўпламини ҳадя қилди. Улар орасида ислом матбаачилиги тарихидаги илк босма Қуръонлардан бири ҳам бор. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.
Ноёб китобларни топшириш "Буюк ўтмиш мероси — маърифатли келажак асоси" халқаро форуми доирасида бўлиб ўтди.
“Маросимда ҳадя этилган энг қимматли нусхалардан бири — мусулмонлар томонидан илк бор нашр этилган Қуръони Карим бўлди. Бу муқаддас китоб 1787 йилда Санкт-Петербург шаҳрида чоп этилган бўлиб, ислом матбаачилиги тарихидаги илк босма Қуръонлардан бири сифатида жаҳон маданий меросида алоҳида ўрин тутади”, - дейилган хабарда.
“Медина” нашриёти раҳбари Иляс Садурининг сўзларига кўра, Ислом цивилизацияси марказига бундай тўпламни тақдим этиш катта шараф.
“Бу ҳадя орқали биз илмий ва маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлашни, Марказ фаолияти орқали ёш авлодга тарихий меросни етказишда ўз ҳиссамизни қўшишни мақсад қилганмиз”, - деди у.
Ислом цивилизацияси маркази Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 июндаги қарори асосида қурилмоқда. Марказ биноси уч қаватдан иборат бўлиб, қадимий меъморчилик ёдгорликлари услубида яратилган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган.
Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бўлади. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси — қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китоб нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилади. Жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам ўрин олади.
Каъба эшигининг ёпинчиғи Ўзбекистонга олиб келинди