ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. Ҳукумат қарори билан “Ёшларнинг ўқув марказларида хорижий тилларни ўқиш харажатлари бир қисми учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизати хабар берди.
Низомга кўра, “2+6” дастури хорижий тилларни билиш бўйича белгиланган баллнинг (даражанинг) камида минимал кўрсаткичига эга бўлган ариза берувчига татбиқ этилади.
Унга мувофиқ, ўқув маркази томонидан ёшга хорижий тилни ўқитиш хизмати кўрсатилганда, дастлабки 2 ойлик ўқиш харажати ариза берувчи томонидан тўланади. Кейинги 6 ойлик ўқиш харажати эса Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия қилинади.
"2+6" дастурига мувофиқ, ёшларга ҳар ой якуни бўйича қуйидаги миқдорда субсидия ажратилади:
Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 2 бараваригача (824 минг сўмгача);
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида – БҲМнинг 1,5 бараваригача (618 минг сўмгача);
туман (шаҳар)ларда – БҲМнинг 1 бараваригача (412 минг сўмгача).
Агентлик томонидан 2025–2026 йилларда ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганадиган 20 минг нафаргача, 2031 йилга қадар ҳар йили 20 минг нафаргача ёшларга ўқиш харажатлари учун субсидия ажратилади.
Бунда тегишли йилда субсидия ажратилган ёшлар сони 20 минг нафардан ошган тақдирда, ўша йил учун субсидия ажратиш кейинги йилга қадар тўхтатилади.
Ариза берувчиларнинг хорижий тилни ўқитиш харажати учун:
ўқув марказларининг рейтингини шакллантириш учун белгиланган тартибда электрон платформа орқали рўйхатдан ўтган;
ариза берувчиларнинг ўқув машғулотларида қатнашганини кунлик электрон назорат қилиш имконини берувчи электрон платформага интеграция қилинган ўқув марказларига "2+6" дастури доирасида субсидия ажратилади.