Таҳдидлардан келиб чиқиб: янги қонун мудофаа буюртмаси тартибини белгилади

Мудофаа соҳасидаги давлат буюртмаларини тартибга солувчи янги қонун қабул қилинди. Ҳужжат ҳарбий ва икки хил мақсадли маҳсулотларни харид қилиш ҳамда давлат комиссияси фаолиятини белгилайди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 окт – Sputnik. Президент “Давлат мудофаа буюртмаси тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қонун давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солади

Давлат мудофаа буюртмаси – Қуролли Кучларни қуроллантириш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланадиган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилиш учун давлат буюртмаси ҳисобланади.

Давлат мудофаа буюртмасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
мамлакатнинг миллий манфаатларидан, жаҳондаги ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан, ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган таҳдидлар даражасидан, замонавий ҳарбий можароларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш, тасдиқлаш ва бажариш;
буюртмачиларни ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан ўз вақтида ҳамда кафолатли тарзда қуроллантириш ва таъминлаш;
давлат мудофаа буюртмаси учун ажратилган молиявий ресурслардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш.
Давлат мудофаа буюртмасининг лойиҳаси Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва унинг қарори билан тасдиқланади.
Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган давлат мудофаа буюртмаси навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда инобатга олинади.
Ўзбекистонда ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилади