Эллик минг доллар тўлаган чет элликлар учун махсус солиқ режими жорий этилади

Янги фармонга мувофиқ, чет элликларга махсус солиқ режими яратилади. Улар 50 минг доллар тўлаб, маҳаллий банк ёки криптобиржада ҳисоб очган тақдирда, чет элдаги даромадларига солиқ тўламайди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 окт – Sputnik. “Чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳабар берди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан чет эл фуқароларининг даромадларини солиққа тортишнинг махсус солиқ режими жорий этилади.
Ушбу режим Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадларни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилишни назарда тутади.
Бу имтиёздан фойдаланиш учун чет эл фуқаролари қуйидаги шартларга жавоб бериши лозим:
50 минг доллар миқдорида махсус йиғим тўлаш;
Ўзбекистондаги махсус ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағини ёки махсус ваколатли крипто-биржада крипто-ҳамён очиш.
Шунингдек, кетма-кет 12 ойлик даврда камида 30 календарь кун Ўзбекистон ҳудудида бўлган ва мамлакатда турар жой кўчмас мулкига эгалик қилувчи ёки ижара асосида яшовчи чет элликлар Ўзбекистоннинг солиқ резидентлари деб эътироф этилади.
Тадбиркорлар учун молия ва солиқ енгилликлари белгиланди - Президент фармони