Сенаторлар Тошкент ҳокимлигига хиёбон қурилиши нега бошланмагани бўйича сўров юборди

Сенатор сўровида Тошкент шаҳар ҳокимидан Юнусободдаги собиқ ҳибсхона ҳудудида хиёбон қурилиши нега кечиккани ҳақида тушунтириш сўралган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 окт – Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Тошкент шаҳар ҳокимига Юнусободда қурилиши керак бўлган хиёбон нима учун ҳали бошланмагани бўйича расмий сўров юборди.
Сўровда таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 мартдаги фармойишига асосан Юнусободдаги собиқ 1-сонли тергов ҳибсхонаси ҳудуди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига ўтказилган. Бу ерда замонавий хиёбон қурилиши белгиланган, аммо топшириқ ҳали ижро этилмаган.
"Ҳозирда ушбу ер майдонлари қаровсиз ҳолатда қолаётгани, айрим қурилиш компаниялари томонидан эса ҳудуддан хусусий манфаатларда фойдаланишга бўлган уринишлар кузатилаётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда", -дейилган сенаторлик сўровида.
Сўровда Тошкент шаҳар ҳокимидан мазкур ҳудуднинг ҳозирги ҳолати, вазифалар бажарилиши кечиккани сабаблари ҳамда тегишли ер майдонини ободонлаштириш ва замонавий хиёбон барпо этиш бўйича кўрилган амалий чоралар юзасидан асослантирилган тушунтириш беришни сўралган.
Сенат Транспорт вазирлигига тирбандликлар борасида сўров йўллади