ТОШКЕНТ, 6 окт – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва уларни иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳаларга жорий этиш бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон сунъий интеллектни татбиқ этиш бўйича халқаро рейтингда 70-ўринни эгаллаб, Марказий Осиёда етакчи бўлди.
Президент таъкидлаганидек, бу – илк қадамлар самараси, олдинда эса катта вазифалар турибди. Шу мақсадда 2030 йилгача мўлжалланган Сунъий интеллект стратегияси қабул қилинган.
Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда СИ лойиҳаларини амалга ошириш учун 50 миллион доллар ажратилган. Соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида 86 та лойиҳа ишга туширилмоқда. Мамлакатда сунъий интеллектни қўллаш учун “суперкомпьютер кластери” яратилмоқда.
"Сунъий интеллектни тезроқ ривожлантириш учун доимий равишда илғор, ўзини оқлаган хорижий ва маҳаллий тажрибаларни ўрганиб бориш зарур. Бунинг учун соҳада самарали фаолият юритаётган ватандошларимиз, хорижий экспертлар ва хусусий сектор билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш керак", – деди президент.
Тақдимотда сунъий интеллект соҳасида замонавий ҳисоблаш қувватларини Ўзбекистоннинг ўзида яратиш ва бунга инвестиция киритмоқчи бўлган тадбиркорлар учун жозибадор муҳитни таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, Мактабларда информатика ўқитувчиларини қайта тайёрлаш, янги авлод дарсликларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” миллий дастури доирасида ёшлар учун aistudy.uz ва omp.aistudy.uz платформалари ишга туширилди, уларда СИ бўйича 5 та бепул онлайн ўқув дастури йўлга қўйилган.
Дастур доирасида 2027 йилга қадар 1 миллион ёшлар сунъий интеллект соҳасидаги билим ва кўникмаларга эга бўлади. Ёшларнинг истиқболли лойиҳаларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш учун барча ҳудудларда СИ хакатони, яъни чекланган вақт ичида инновацион ечимлар яратишига қаратилган мусобақалар, йўлга қўйилади.
Президент сунъий интеллектни жорий этиш ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.