ТОШКЕНТ, 6 окт – Sputnik. Россиянинг Красноярск ва Ставрополь ўлкаларида яҳудийлар объектларига режалаштирилган терактларнинг олди олинди. Бу ҳақда Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Красноярскда шаҳар синагогасида қўлбола портлаш қурилилмаси ёрдамида портлаш уюштиришни режалаштирилган икки марказий осиёлик қўлга олинган.
Улар ташландиқ бинода портловчи қурилмаларни тайёрлаш учун керак бўладиган таркибий қисмларни яширгани аниқланган.
Пятигорскда Яҳудийлар диний жамияти биносига ёнувчи аралашмали бутилка улоқтиришни режалаштирган россиялик қўлга олинган. Ундан иккита телефон ва алоқа воситалари мусодара қилинган. Алоқа воситаларида Telegram орқали хорижлик мувофиқлаштирувчиси билан ёзилмалари аниқланган.
Ҳолатлар юзасидан Россия Жиноят кодексининг теракт уюштиришга тайёргарлик кўриш ва террорчилар фаолиятига кўмаклашиш моддалари билан жиноий иш очилган.
Россия ФХХнинг қайд этишича, терактлар Фаластин аҳолисини ҳимоя қилиш баҳонасида тайёрланган. Аслида эса террорчилар миллий адоват қўзғатиш ва бутун Россия бўйлаб 2023 йил октябрида Доғистонда бўлгани каби оммавий намойишларни келтириб чиқаришни исташган.