ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. 2028 йилда Халқаро астронавтика конгресси (IAC) илк бор Ўзбекистонда ўтказилади. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.
Таъкидланишича, ушбу қарор Австралиянинг Сидней шаҳрида бўлиб ўтган айни конгресс давомида қабул қилинган ва бунинг учун қадимий Самарқанд шаҳри танланган.
“Бу Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё учун космик соҳада янги давр бошланганини англатади. IAC каби йирик илмий платформанинг минтақада ўтказилиши халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистоннинг технологик салоҳиятига бўлган эътиборидан далолат беради”, – дейилади хабарда.
Сиднейдаги конгрессда Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси кенг қамровли дастурни тақдим этган. Тақдимотлар давомида:
Ўзбекистоннинг космик технологиялар йўналишидаги ютуқлари;
яқин истиқболдаги режалар;
космик мониторингни қишлоқ хўжалиги ва экологияга татбиқ этиш лойиҳалари тақдим этилган.
Тадбир давомида Европа, Осиё ва Америка космик агентликлари билан музокаралар ўтказилиб, Ўзбекистон билан бир қатор стратегик қўшма лойиҳалар муҳокама қилинган.
Бу нуфузли анжуман нафақат илм-фан, балки иқтисодиёт учун ҳам катта имкониятлар эшигини очади.
Масалан:
Сиднейда ўтган IAC Австралия иқтисодиётига 42 миллион Австралия доллари (тахминан 27 миллион АҚШ доллари) даромад келтирди;
Самарқанддаги конгрессда 10 мингдан ортиқ халқаро меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда;
Туризм, хизмат кўрсатиш, халқаро кўргазмалар ва тадбиркорлик йўналишларида катта иқтисодий суръат юзага келиши тахмин қилинмоқда.
Маълумот учун: Халқаро астронавтика конгресси (ИАC) ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилиб, илм-фан, муҳандислик, технология ва космик сиёсат соҳаларидаги энг муҳим глобал воқеалардан бири ҳисобланади.