ТОШКЕНТ, 3 окт – Sputnik. Ўзбекистон ҳудудидаги барча аэропортлар халқаро ICAO код тизимида янги — UZ идентификаторига ўтди. Бу ҳақда “Ўзаэронавигатсия” маркази хабар берди.
Эндиликда мамлакат аэропортларининг кодлари аввалгидек UT билан эмас, UZ билан бошланади. Масалан, Тошкент халқаро аэропортининг коди UTTT ўрнига UZTT бўлади.
ICAO бу БМТ ҳузуридаги Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти бўлиб, у ҳар бир мамлакат учун ўзига хос аэропорт кодларини белгилайди. Кодлар глобал авиация тизимида авиацион хавфсизлик, парвозлар координацияси ва навигация учун муҳим техник асослардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, мамлакат ҳаво ҳудудида ягона ўтиш баландлиги ва ўтиш эшелони ҳам жорий этилди:
Ягона ўтиш баландлиги — 13 000 фут (тахминан 4 км)
Ўтиш эшелони (ФЛ) — FL150, яъни 15 000 фут (4,5 км)
Илгари бу қийматлар 6 000 ва 8 000 фут эди.
“Бу ўзгаришлар стратегик аҳамиятга эга бўлиб, учувчилар ва диспетчерлар ишини енгиллаштиради, радиосессиялар сонини камайтиради ва ҳаво ҳаракатини бошқаришни янада аниқлаштиради”, — дейилади расмий ахборотда.
Ўзбекистондаги асосий аэропортларнинг кодлари
Аэропорт | олдин | кейин |
Тошкент (И.Каримов номидаги) | UTTT | UZTT |
Тошкент-Шарқий | UTTR | UZTR |
Самарқанд | UTSS | UZSS |
Бухоро | UTSB | UZSB |
Термиз | UTST | UZST |
Қарши | UTSK | UZSK |
Навоий | UTSA | UZSA |
Фарғона | UTFF | UZFF |
Андижон | UTFA | UZFA |
Наманган | UTFN | UZFN |
Урганч | UTNU | UZNU |
Нукус | UTNN | UZNN |