ТОШКЕНТ, 30 сен – Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Беларусь пойтахтидаги Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши мажлисида иштирок этди ва ҳамкорликка оид қатор ташаббусларни билдирди.
Арипов Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари ўртасида рақамли ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
“Ахборот технологиялари ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланишини ҳисобга олган ҳолда биз рақамли ҳамкорлик дастурини биргаликда батафсил ўрганишни бошлашни таклиф қиламиз”, - деди бош вазир.
Унинг фикрича, бундай дастур трансчегаравий электрон савдони ривожлантириш, янги авлод логистика платформаларини яратиш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида сунъий интеллект технологияларини қўллашни қамраб олиши керак.
Ариповнинг таъкидлашича, Ўзбекистон анъанавий равишда саноат кооперацияси ва инвестиция ҳамкорлигини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда.
“Биз нафақат тайёр маҳсулотлар савдосини кенгайтиришга, балки барқарор ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга, маҳаллийлаштиришга, технологияларни узатишга ва ташқи бозорларга биргаликда киришга интиламиз”, - дея қўшимча қилди Арипов.
Мамлакат бош вазирининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ЕОИИ мамлакатлари билан аграр соҳада ҳамкорлик қилиш дастури лойиҳасини тайёрлади.
“Биз аграр соҳадаги ҳамкорликка устувор аҳамият берамиз, уни ўзаро муносабатларнинг стратегик йўналиши деб биламиз. Шу муносабат билан биз Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан агрокооперация дастури лойиҳасини тайёрладик ва ҳамкорларимизга кўриб чиқиш учун тақдим этдик”, - деди Арипов.
Ўзбекистон бош вазири дастурни амалга ошириш озиқ-овқат барқарорлигини сезиларли даражада мустаҳкамлашга ва республика ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасида аграр маҳсулотлар ўзаро савдосини кенгайтиришга ишонч билдирди.
Ўзбекистон томони маълумотларига кўра, ушбу ҳужжат логистика йўналишларини соддалаштириш, яшил технологияларни қўллаш ва яшил йўлакни ишга тушириш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олади. Ўзбекистон ЕОИИ билан савдо муносабатларини либераллаштириш тўғрисида битим тузиш масаласи бўйича аниқ қарорларни кутмоқда.
“Биз Ўзбекистон ва Иттифоқ ўртасидаги савдо муносабатларини либераллаштириш тўғрисида битим тузиш масаласида аниқ қарорларга эришишни муҳим вазифа деб биламиз”, - деди мамлакат бош вазири.
Ариповнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий комиссияси билан техник тартибга солиш тизимларини яқинлаштириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини тезроқ имзолаш тарафдори.
Ўзбекистон бош вазири Тошкент транспорт алоқаларини ривожлантириш ва ЕОИИ билан замонавий транзит йўналишларини шакллантиришга алоҳида аҳамият беришини таъкидлади.
“Шу муносабат билан энг қисқа вақт ичида қуйидаги йўналишлар бўйича маслаҳатлашувлар ташкил этишга тайёрмиз: Ўзбекистонни ЕОИИнинг рақамли транспорт йўлаклари экотизимига улаш, мамлакатимизни божхона транзитининг ягона тизимига қўшиш, бирлашманинг ўтиш пунктларининг ягона интеграциялашган тизимини шакллантиришда иштирок этиш”, - дея қўшимча қилди Арипов.
Қайд этилишича, Ўзбекистон кузатувчи давлат мақомида ЕОИИ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича изчил ишлар олиб бормоқда, бугунги кунда республикада Иттифоқ мамлакатлари капитали иштирокида 5 000 та корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.
“Сўнгги йилларда ўзаро савдо изчил ва жадал ривожланмоқда, юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошди ва этказиб бериш номенклатураси кенгаймоқда. Саноат, аграр соҳа ва хизматларда кооперация ҳам чуқурлашмоқда. Бугунги кунда ЕОИИга аъзо давлатлар ва кузатувчилар капитали иштирокида мамлакатимизда 5000 тадан ортиқ корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда", - деди Арипов.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон уч йиллик қўшма тадбирлар режасини амалга ошириш бўйича Евроосиё иқтисодий комиссияси билан фаол иш олиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг август ва сентябрь ойларида комиссия билан биргаликда Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги савдо битими лойиҳасини келишиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилди, яқинда эса Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкининг устав капиталидаги акцияларни сотиб олиш учун биринчи тўловни амалга оширди.
ЕОИИ
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) - 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа ҳозир Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Молдова, Куба, Эрон ҳам кузатувчи мақомига эга.