Тошкент вилоятида оммавий заҳарланган болаларнинг деярли ҳаммаси соғайгани маълум қилинди

Шифохоналарда боғчаларда овқатдан заҳарланиб даволанаётган 3 нафар бола қолди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 сен – Sputnik. 30 сентябри соат 14:00 ҳолатига кўра Тошкент вилоятидаги шифохоналарда боғчаларда овқатдан заҳарланиб даволанаётган 3 нафар бола қолди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, улар асосий ҳолатдан тўлиқ соғайган бўлиб, даволаш жараёнида уларда олдиндан мавжуд касалликлар аниқлангани сабабли қўшимча тиббий кузатув остида қолдирилган. Болаларнинг аҳволи барқарор ва яқин кунларда уйларига жавоб берилади.
“Шундай қилиб, тиббий тадбирлар тўлиқ якунланди. Шифохоналар эса ўзининг одатий иш фаолиятига қайтди. Энг муҳими, давлатимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайли вазият барқарор ушлаб турилди", — дейди Атабеков.
СЭС қўмитаси раисининг биринчи ўринбосарининг таъкидлашича, қўмита мамлакат бўйлаб барча таълим муассасаларида овқатланиш хизматлари устидан назорат ва профилактик тадбирларни янада кучайтиради.
Аввалроқ Тошкент вилоятидаги боғчаларда болалар оммавий заҳарланиши ҳолати юзасидан Бош прокуратура томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилгани хабар қилинган эди. Ушбу ҳолат юзасидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналар масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозир дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилоятида овқатдан заҳарланган болалар аҳволи ҳақида маълумот берилди