ТОШКЕНТ, 29 сен – Sputnik. Иккинчи жаҳон урушида Беларусда ҳалок бўлган Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида туғилиб ўсган Абдуллажон Дадабоевнинг ҳоки Давлатботир қишлоғига олиб келиниб, юксак эҳтиром билан дафн этилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маросимда Мудофаа вазирлиги, туман ҳокимлиги ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Абдуллажон Дадабоев 1918 йилда Фарғона вилояти Ўзбекистон туманининг Давлатботир қишлоғида туғилган. 1941 йилда у ҳам минглаб ўзбек ўғлонлари қатори Иккинчи жаҳон урушига сафарбар этилган.
Фронтда ўқчи дивизияси таркибида мардона жанг қилган ва узоқ йиллар давомида бедарак йўқолганлар рўйхатида бўлиб келган. Жорий йилнинг июнь ойида Беларусь Республикасида фаолият юритаётган қидирув отрядлари томонидан олиб борилган махсус изланишлар чоғида Абдуллажон Дадабоевнинг ҳоки ва шахсий буюмлари топилди.
Аниқланишича, у 1941 йилда Беларусь Республикаси Гомель вилоятидаги Неговка қишлоғи учун кечган жангларда ҳалок бўлган. Икки мамлакат вакиллари ҳамкорлигида марҳумнинг яқин қариндошлари топилди ва аскарнинг ҳоки ватанига қайтарилди.
Участника Второй мировой войны похоронили на родной земле
© Пресс-служба Министерства обороны
Дафн маросимида сўзга чиққанлар Иккинчи жаҳон уруши фронтларида мардлик ва жасорат кўрсатган ватандошлар хотирасини йод этиш, уларнинг номини абадийлаштириш ўзбек халқига хос эзгу қадрият эканини алоҳида таъкидладилар.
Ўзбекистонга қайтарилган жасур аскар Давлатботир қишлоғидаги халқ қабристонига мусулмонлар удумига мувофиқ дафн этилди. Маросим давомида тиловат қилиниб, марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирилди.