Экологияда муҳим қадам: Тошкентда 400 мингта дарахт электрон базага киритилди

Тошкентда 400 мингдан зиёд дарахт электрон базага киритилди. "Дарахтлар реестри" шаҳар аҳолиси турмуш тарзини яхшилаш ва экологияни муҳофаза қилишга хизмат қилади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 сен – Sputnik. "Дарахтлар реестри" лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридаги 400 мингдан ортиқ дарахт green.tashkent.uz онлайн платформаси электрон маълумотлар базасига киритилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Дарахтлар рақамлаштирилгандан сўнг нави, ҳолати, ёши ва бошқа хусусиятлари бўйича дендролог мутахассислар томонидан текширилади.
Лойиҳа "Замин" халқаро жамоат фонди томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Лойиҳа мақсади дарахтларни хатловдан ўтказиб, электрон маълумотлар базасини яратишдан иборат.
Хабарда таъкидланишича, яшил майдонларнинг рақамли харитаси шаҳар аҳолиси турмуш тарзини яхшилаш ва Тошкентнинг табиий муҳитини сақлаб қолишга хизмат қилади.
Шунингдек, у шаҳарсозлик, экишни режалаштириш ва кўчатларни парваришлаш, яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш устидан жамоатчилик назорати учун самарали восита бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Қаерга қандай дарахт экишни республика штаби белгилаб беради