ТОШКЕНТ, 28 сен – Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнашади. Бу ҳақда МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, мажлис 29 сентябрь куни Беларусь пойтахти Минскда тор ва кенг шаклда ўтказилади. Унинг кун тартиби 15 та масалани ўз ичига олади.
"Ҳукумат раҳбарлари муҳокамасига илмий-технологик соҳа, ўрмон хўжалиги ва ўрмон саноати, рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш каби соҳалардаги ҳамкорликка оид масалаларни киритиш режалаштирилган”, – дейилади хабарда.
Шунингдек, йиғилишда МДҲнинг 2030 йилгача мўлжалланган иқтисодий ривожланиш стратегияси иккинчи босқичини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси, 2026 йилда МДҲда Соғлиқни сақлаш йилини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳаларини тасдиқлаш таклиф этилади.
Эслатиб ўтамиз, МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг аввалги йиғилиши 2025 йил 5 июнь куни Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб ўтган эди.