Тошкент вилояти боғчаларидаги ҳолат юзасидан вазир сайёр ташрифлар уюштирди

109 нафар бола ҳамон касалхоналарда, аммо улар жиддий зарар кўрмаган – вазирлик.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири (ММТВ) Эъзоза Каримова Тошкент вилоятидаги бир неча туманларда кузатилган болаларнинг оммавий заҳарланиш ҳолатларидан сўнг боғчаларга ташриф буюрди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятининг Пискент ва Бўка туманларида болалар оммавий тарзда овқатдан заҳарлангани, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълумотлар тақдим қилган эдик. Дастлабки тахминларга кўра, муаммо сут ва сут маҳсулотлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳам очиқланган эди.
Вазирлик ҳолат юзасидан дастлабки изоҳида қуйидагича баёнот берган эди:

“Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикинфекцияси ташхиси қўйилди. Зарур муолажалар ўтказилди ва аксарият болалар соғлиғи яхшилангани боис уйларига жавоб берилди”.

Бугун эса ҳолатни чуқурроқ ўрганиш мақсадида Эъзоза Каримова, унинг ўринбосари Азизбек Турдиев ва бошқа вазирлик вакиллари Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон, Пискент ва Бўка туманларида бўлиб, боғчаларни кўздан кечиргани маълум қилинди.
Вазирлик маълумотига кўра, айни вақтда:
Қуйи Чирчиқ туманида 12 нафар бола;
Оққўрғон туманида эса 97 нафар бола шифокорлар назоратида қолмоқда.
ММТВ сайёр ташрифлар уюштирди
Уларнинг аҳволи барқарорлиги таъкидланган. Шунингдек, Пискент ва Бўка туманларида тарбияланувчилар навбати билан профилактик тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

"Болалар саломатлигига жиддий таҳдид солувчи ҳолатлар аниқланмади. Ҳолат назоратга олинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда", — дейилади вазирлик баёнотида.

Тошкент вилоятидаги боғчаларда болалар овқатдан оммавий заҳарланди