ТОШКЕНТ, 26 сен – Sputnik. Ўзбекистон ва Россия ўртасида мамлакатдаги биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича икки стратегик муҳим ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда "Ўзатом" агентлиги хабар берди.
Биринчи ҳужжат — “Росатом Энергетика лойиҳалари” АЖ ва “АЭС қурилиши дирекцияси” ДК ўртасида 2025 йил 20 июндаги битимга қўшимча келишув бўлиб, у Ўзбекистонда қуриладиган интеграциялашган АЭС лойиҳаси конфигурациясини белгилаб беради. Лойиҳага 3+ авлоддаги иккита йирик ВВЭР-1000 реактори (ҳар бири 1000 МВт) ва иккита кичик қувватли РИТМ-200Н реактори (ҳар бири 55 МВт) киради. Ушбу комбинация энергетик барқарорлик ва тизимдаги мослашувчанликни таъминлаши кутилмоқда.
Иккинчи ҳужжат эса ядро ёқилғисини етказиб бериш бўйича шартномаларнинг асосий шартларини белгиловчи келишув бўлиб, РИТМ-200Н ва ВВЭР-1000 реакторлари учун ёқилғи, эҳтиёт қисмлар, монтаж ҳамда назорат-ускуналарни етказиб бериш бўйича асосий тамойилларни мустаҳкамлайди.
“Ўзбекистоннинг қоқ марказида, Жиззах вилоятида биз мисли кўрилмаган энергетика лойиҳасини яратмоқдамиз. Марказий Осиёда атом энергетикасини ривожлантиришда пешқадам бўлиб, биз нафақат минтақада биринчи станцияни қурмоқдамиз, балки биринчи бўлиб келажакнинг инновацион ечимини яратмоқдамиз,” — дея таъкидлади "Ўзатом" агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа кичик модулли АЭС технологияси билан классик йирик қувватли атом станцияларининг синовдан ўтган ечимларини дадил бирлаштирган модель бўлиб, бутун минтақа учун инновацион ва барқарор энергетика намунаси бўлади.
Аввалроқ Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев Жиззах вилоятида қуввати 2 ГВт бўлган катта атом электр станцияси ва 110 МВт бўлган кичик атом электр станцияси қурилиши режалаштирилаётганини маълум қилган эди.
Мазкур лойиҳа доирасида атомчилар шаҳарчаси ҳам барпо этилади. Қурилиш ва эксплуатация босқичида жами 14 минг нафаргача мутахассис, жумладан 1000 нафаргача юқори малакали кадрлар жалб қилинади. Бу эса янги инфратузилма ва яшаш шароитларини шакллантиришни тақозо этади.