ТОШКЕНТ, 25 сен — Sputnik. Ўзбекистон–Қирғизистон давлат чегарасида номаълум шахслар кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қолдириб кетгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари жараёнида чегаранинг Қувасой шаҳри Полмон МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида катта миқдорда дорилар қолдириб кетилгани фош этилган.
Терговга қадар текширув давомида Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан ўтказилган жами 7 дона қутиларда умумий қиймати 6 млрд 19 млн 980 минг сўмлик 53 522 дона “Регапен” ва 20 000 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (контрабанда) ва 251-1-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари ёки кучли таъсир қилувчи моддалар тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дори воситалари эгаларининг шахсини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриляпти.