Сенат Транспорт вазирлигига тирбандликлар борасида сўров йўллади

Йўллардаги тирбандлик ҳолатлари энг юқори кўрсаткич – 10 баллни қайд этмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 сен – Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Тошкент йўлларидаги тирбандликлар муаммосини ҳал этиш бўйича Транспорт вазирлигига расмий сўров юборди.
Сўровда катта шаҳарлар ва йўл кесишмаларида тирбандликларни камайтириш, жамоат транспорти қатновларини оптималлаштириш ҳамда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш масалалари кўтарилган.
Мурожаатда ўқув йили бошланиши билан пойтахтдаги тирбандликлар сони анча ортгани ва уларнинг даражаси энг юқори кўрсаткичларни қайд этгани (10 балл) алоҳида тилга олинади.
“Маълумотларга кўра, ҳар куни 1 миллионга яқин киши пойтахтга ташриф буюради, уларнинг 275 минг нафари Тошкент вилоятидан келмоқда. Вилоятнинг туташ ҳудудларидан минглаб автомобилларнинг эрталаб пойтахтга кириб, кечқурун ортга қайтиши эса тирбандликларни яна-да кучайтирмоқда”, – дейилади сўровда.
Шунингдек, сўровга жавобан вазирликдан тенгсизлик ва нотўғри йўл тармоқлари, сигнал тизимлари муаммолари, транспорт воситалари сони ва маршрутлар балансини қайта кўриб чиқиш каби муаммоларга ечим таклиф қилиниши талаб этилган.
Сенат бу борада тез орада амалий чоралар ва режалаштирилган ишлар бўйича ҳисобот тақдим этилишини истамоқда.
Хитойдан Тошкентга 100 та электробус жўнатилди