Пойтахтда “Classical music fest in Tashkent” фестивали бошланди

Тошкентда “Classical music fest in Tashkent” мусиқа фестивали бошланди. Унда дунёнинг машҳур ижрочилари Ўзбекистон оркестрлари ҳамроҳлигида саҳнага чиқади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. Халқаро анжуманлар саройида “Classical music fest in Tashkent ” мусиқа фестивали бошланди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Фестиваль Маданият вазирлиги, Давлат филармонияси, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Европанинг маданиятни қўллаб-қувватлаш фонди ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
3 октябргача давом этадиган мазкур фестивалда Беҳзод Абдураимов, Станислав Юденич, Максим Венгеров, Марк Бушков, Yekwon Sunwoo, Александр Чаушян, Михаил Плетнёв, Сергей Крилов сингари дунёнинг таниқли мусиқачилари Ўзбекистон давлат симфоник оркестри ва Миллий симфоник оркестри ҳамроҳлигида ўз концертларини тақдим этишади.
Шу муносабат билан жорий йилнинг Халқаро анжуманлар саройида фестивалнинг очилишига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманидан сўнг Халқаро Анжуманлар саройи саҳнасида АҚШнинг Парк университети Халқаро мусиқа маркази резидент ижрочиси Беҳзод Абдураҳимовнинг Ўзбекистон миллий симфоник оркестри ҳамроҳлигидаги катта концерти бўлиб ўтди.
Фестивалдан кўзланган асосий мақсад – глобаллашув шароитида ўзбек маданияти ва санъатини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш. Шу билан бирга, Ўзбекистонда жаҳон классик мусиқасини ривожлантириш, хорижий машҳур ижрочилар тажрибасини мухлисларга етказиш ва улар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этиш назарда тутилган. Шунингдек, соҳанинг етакчи мутахассислари ва жамоаларининг халқаро танлов ва фестивалларда қатнашишига шароит яратиш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланган.
Россиядан Тошкентга "Санъат олами" карвони етиб келди – видео